Маданий меросимиз – янги Ренессанснинг пойдевори

2021 йил 13 сентябрь куни пойтахтимизда “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” деб номланган V халқаро конгресс ташкил этилди.

Конгрессда дунёнинг 46 мамлакатидан ташриф буюрган 200 га яқин олим ва мутахассислар, етакчи шарқшунослар, экспертлар, тадқиқотчилар, қўлёзмалар ва миниатуралар бўйича мутахассислар иштирок этди.

Анжуманда сўз олганлар Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда маънавий-маърифий янгиланишлар муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон — бой маданий меросга эга. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзнинг тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Шунингдек, юртимизнинг номоддий мероси билан ҳам фахрланса арзийди.Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий мероси уни дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюраётган сайёҳлар учун янада жозибадор қилмоқда. Шу боис юртимизга келаётган сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Конгрессда мамлакатимиз маданий меросининг дунё миқёсидаги тарғиботига бағишланган ушбу йирик халқаро анжуман дунёнинг турли чеккаларидаги юртимиз тарихи ва тақдирига бефарқ бўлмаган юзлаб олимларни ўзи атрофида бирлаштиргани қайд этилди.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди.

Халқаро конгресс доирасида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида бир қатор қизиқарли кўргазма ва тақдимотлар ҳам бўлиб ўтди.
 
Мазкур нуфузли анжуман тафсилотлари ҳақида навбатдаги саҳифаларимизда батафсил маълумот берамиз.

Манба: parliament.gov.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech