Маҳалла — миллий юксалишнинг стратегик пойдевори

2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили

Давлатчилик тарихимизда инсон қадрини улуғлаш, халқ билан мулоқот қилиш ва ислоҳотлар самарасини ҳар бир хонадонда ҳис этиш олий мақсад этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси сифатида 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради. 

Президентимиз таъкидлаганидек, “Маҳалла — жамиятнинг юзи. Агар маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса, демак, бутун жамият ўзгаряпти”. Бу қарор замирида давлат бошқарувини бевосита халққа яқинлаштириш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшашдек олий масъулият мужассамдир.

Мурожаатномада алоҳида урғу берилган халқ саломатлиги масаласи 2026 йилда бевосита маҳалла даражасидаги тиббиёт билан уйғунлашади. Юртбошимиз илгари сурган “тиббиётни аҳолига яқинлаштириш” ғояси асосида ҳар бир маҳаллада профилактика ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш янги босқичга кўтарилади. Маҳаллаларда тиббий пунктлар фаолиятини такомиллаштириш, тор доирадаги мутахассислар иштирокида тиббий кўрикларни маҳалланинг ўзида ташкил этиш орқали касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом миллат генофондини асраш чоралари кўрилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз учун энг катта бойлик — бу халқимизнинг соғлиғидир” ва бу бойликни асраш маҳалладан бошланади.

Шу билан бирга, Мурожаатномада экологик барқарорлик ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси маҳалла фаолларининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди. 2026 йилда ҳар бир маҳалла ўзининг “яшил ҳудуди” ва боғларига эга бўлиши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маданияти хонадонлардан бошланиши жамиятни юксалтиришнинг муҳим шартидир. Маҳаллабай тизимида экологик назорат кучайтирилиб, ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари умумхалқ ҳаракатига айланади. Бу нафақат табиатни асраш, балки аҳолининг яшаш шароити сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади.

Жамиятни юксалтириш ҳақида гап кетганда, Мурожаатномада алоҳида қайд этилган аёллар бахти ва рақамли технологияларни жорий этиш масаласи 2026 йил дастурининг ўзагини ташкил этади. Юртбошимиз айтганларидек, “Аёлни рози қилсак, оила рози бўлади, оила рози бўлса — жамият рози бўлади”. Маҳаллаларда “Аёллар дафтари” орқали манзилли кўмак бериш билан бирга, “Рақамли маҳалла” лойиҳаси доирасида барча ижтимоий хизматлар онлайн шаклга ўтказилади. Бу эса ҳар бир фуқарога давлат хизматларидан ўз маҳалласида, ортиқча оворагарчиликларсиз фойдаланиш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 2026 йил — Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили Мурожаатномада белгиланган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси бўлади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Маҳалла тизимини ривожлантириш — бу келажагимизни ривожлантириш демакдир”. Маҳалланинг ободлиги, ундаги тиббий ва экологик муҳитнинг барқарорлиги Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини янада бақувват қилади. Бу эзгу мақсад йўлида бирлашиш ва маҳаллани чинакам халқчил тузилмага айлантириш фаровон келажак ва юксак тараққиётнинг энг ишончли кафолатидир.

Алоуддин Ғаффоров,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech