Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан 2021 йил 30 март куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали маълум қилишича, Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилган.

Унга кўра, Ўзбекистоннинг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача (14 млн 700 минг сўмдан 19 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига ҳам оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.

Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Президентни Интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш учун жавобгарлик белгиланди. Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон Президентини  телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда  ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маълумот учун: илгари Президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек мазкур жиноятни матбуот ёки бошқа ОАВдан фойдаланган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик мавжуд  эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech