Марказда Ўқитувчи ва мураббийлар куни нишонланди

Мамлакатимизда умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланмоқда.

Давлат раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, “Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этмоқдамиз.  Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларимизни албатта янги поғонага кўтарамиз”.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам 30 сентябрь куни ушбу санага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Марказ директори академик Акмал Саидов кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасига давлат томонидан жуда катта эътибор қаратилаётганини қайд этди.

Шу асосда Ўзбекистонда эришилаётган муҳим натижаларни, бир томондан, жаҳон ҳамжамияти очиқ эътироф этмоқда. Иккинчи томондан, ушбу самаралар халқимиз ва мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, Марказ фаолиятини такомиллаштириш борасидаги юксак ғамхўрлик мисолида яққол намоён бўлмоқда.

Мамлакатимиз ривожи йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларидаги ибратли фаолияти ҳамда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Марказнинг бир гуруҳ ходимлари тақдирланди.

Мукофотланганлар сафида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова, «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали бош муҳаррири Эркин Эрназаров, Марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи Фарида Бакаева, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Фарход Ҳайитбоев, «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали таҳририятининг техник гуруҳи таржимони Қосимбой Мамуров, Марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Одилжон Сулаймонов бор. Уларга фахрий ёрлиқ, пул мукофоти ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

 

Гўзал ФАХРИДДИНОВА,

«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари»

журнали бош мутахассиси

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech