Марказнинг маърифий-ҳуқуқий акцияси: 2-учрашув

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида Сингапур, Хитой, Россия, Беларусь, Эрон, Буюк Британия, Туркия каби мамлакатларнинг йирик компаниялари, бизнес ва ишбилармон доиралари вакиллари билан 47 та хорижий инвестиция иштирокида лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида 128,6 миллион доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, йиллик прогноз 80 фоиз бажарилган.

Айниқса, Касби ва Нишон туманларидаги “INDORAMA AGRO” корхонасининг пахтачилик кластерини ташкил қилиш (66 миллион доллар), Миришкор туманидаги “GUZOR TEKSTIL IMPEKS” корхонасининг ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш (14,5 миллион доллар) ва Китоб туманидаги “QARSHI CONCH CEMENT” корхонасининг цемент заводи қуриш (20 миллион доллар) лойиҳалари ҳисобига вилоятда юқори миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокида «Инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш – бугунги ислоҳотлар талаби» мавзуидаги маърифий-ҳуқуқий акция доирасида Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт институтида бўлиб ўтган учрашувда, жумладан, шу ҳақда сўз юритилди.

Институт раҳбарияти ва жамоаси билан бўлган жонли мулоқотда вилоят, умуман, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишида мазкур олий таълим муассасасида таҳсил олган мутахассисларнинг ҳам муносиб ўрни борлиги алоҳида қайд этилди.

Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт институти қошида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” ташкил қилинди. Кутубхонага Марказ томонидан беғараз асосда 100 та китоб, жумладан, академик А.Саидовнинг туркум асарлари тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech