Мурожаатнома – Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёни инсон манфаатига қаратилган йўлдан давом этаётганини яққол кўрсатди
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси давлат сиёсатининг стратегик йўналишларини белгилаб берувчи, мамлакатнинг келгуси ривожланиш режасини тизимли асосда ёритиб берадиган муҳим дастурий ҳужжат бўлди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Мурожаатномада “Янги Ўзбекистон” ғоясининг мазмуни ва амалий ифодаси – туб ислоҳотларнинг янги босқичи, жамиятни модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш каби стратегик мақсадлар кенг очиб берилди.
Бу эса, Мурожаатномани оддий сиёсий нутқ эмас, балки узоқ муддатга мўлжалланган, реал ҳаётий вазифаларга асосланган дастурий ҳужжат сифатида баҳолашга асос бўлади.
Айниқса, давлат қарорларида инсон манфаатини устувор қўйиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва халқ ишончини мустаҳкамлашга қаратилган йўналишлар Мурожаатноманинг ғоявий асосини ташкил этди.
Давлат раҳбари унда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижаларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, уларнинг халқ турмушида намоён бўлаётган амалий самараларини алоҳида таъкидлади. Жумладан, иқтисодиётнинг янги босқичга чиққанлиги, бозор муносабатларининг мустаҳкамланаётгани, ижтимоий ҳимоя тизимининг кенгайгани, қонун устуворлиги ва одил судловга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётгани қайд этилди.
Энг муҳими, бу янгиланишлар ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадон ҳаётига кириб бориб, одамларнинг кундалик эҳтиёжлари ва манфаатларига хизмат қилаётгани Мурожаатноманинг асосий руҳини белгилаб берди.
Мурожаатномада глобал миқёсдаги мураккаб вазият – иқтисодий қарама-қаршиликлар, хавфсизликка таҳдидлар, ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирларидаги узилишлар, хомашё ҳамда молиявий ресурслар нархининг ошиши каби омиллар ҳам таҳлил қилинди. Шундай шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатини сақлаб қолаётгани, ички имконият ва салоҳиятга таянган ҳолда тараққиётга эришилаётгани алоҳида таъкидланди.
Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотлар пухта режалаштирилганини ҳамда ички бозор ва реал секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсат узоқ муддатли барқарорликка хизмат қилаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, иқтисодий кўрсаткичлар орқали миллий тараққиётнинг янги марралари асослаб берилди.
Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши, экспорт кўламининг кенгайиши, олтин-валюта захираларининг мустаҳкамланиши ҳамда иқтисодиётга жалб этилган инвестициялар ҳажмининг ортиб бориши мамлакат иқтисодий қудрати ошиб бораётганининг яққол далили сифатида келтирилди.
Бундай натижалар фақат иқтисодий ўсишни эмас, балки давлатнинг молиявий барқарорлиги, ташқи таъсирларга чидамлилиги ва глобал бозорда рақобатбардошлик салоҳияти мустаҳкамланаётганини ҳам англатади.
Ижтимоий соҳада ҳам Мурожаатнома мазмуни инсон манфаатини устувор қўйиш тамойили билан уйғунлашди. Бандликни таъминлаш, аҳоли даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштириш бўйича кўрилган чоралар кенг ёритилди.
Айниқса, маҳалла даражасида эҳтиёжманд аҳоли билан ишлашнинг янги тизими шакллангани, ижтимоий хизматларнинг манзиллилиги ва самарадорлиги ошгани алоҳида таъкидланди. Бу эса ижтимоий сиёсатнинг аҳолини доимий даромадли қилишга қаратилган барқарор ёндашувга ўтганини кўрсатади.
Энг муҳим жиҳат сифатида Президентимиз томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши мамлакат тараққиётида янги ва ўта муҳим босқичнинг бошланишини англатади.
Бу қарор сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар тажрибаси, уларнинг жойларда берган амалий натижалари ҳамда жамият эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган стратегик ташаббусдир.
Чунки маҳалла азал-азалдан халқимиз ҳаётида нафақат ҳудудий бирлик, балки ижтимоий тарбия, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва фуқаролик масъулияти шаклланадиган муҳим макон сифатида алоҳида ўрин тутиб келган.
2026 йил номи орқали давлат сиёсатида маҳалла институтининг ўрни ва таъсирини янада ошириш, уни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий таянч нуқтасига айлантириш мақсади очиқ ифода этилмоқда. Бу, аввало, давлат хизматлари, ижтимоий ҳимоя, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш ва инфратузилмани яхшилаш каби масалаларни халққа энг яқин бўлган бўғин – маҳалла даражасида ҳал этишни назарда тутади. Шу тариқа, ислоҳотлар қоғозда ёки ҳисоботларда эмас, балки хонадон, кўча ва маҳалла ҳаётида реал натижа сифатида намоён бўлиши таъминланади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур Мурожаатномаси мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаб берувчи муҳим сиёсий ва дастурий ҳужжат бўлди.
Унда белгиланган устувор йўналишлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнининг изчил, амалий ва инсон манфаатига қаратилган йўлдан давом этаётганини яққол кўрсатади ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский