26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Суд органлари мустақиллигини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Судьялар олий мактаби ва “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали томонидан ташкил этилди.
Конференциядан кўзланган мақсад – суд органларига тегишли асосий стандартлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларини муҳокама қилиш, халқаро жамоатчилик вакиллари билан тажриба алмашиш, хорижий давлатларнинг суд органлари мустақиллиги масалалари бўйича амалиётини таққослашдан иборат.
Халқаро анжуман ишини Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев очиб берди. Тадбирда АҚШ, шунингдек, Европа, Осиё, Маразий Осиё минтақалари мамлакатларидан ташриф буюрган экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди судьялари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу муҳим тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги олдидан ташкил этилганига алоҳида эътибор қаратди. Асосий Қонунимизда суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамлаб қўйилган.
Ноябрь ойининг сўнгги ўн кунлиги кенг нишонланадиган саналарга бойдир. Хусусан, 20 ноябрда – БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 30 йиллиги, 25 ноябрда – Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни ва БМТ Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциясининг 40 йиилиги нишонланди.
Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш устувор вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон парламенти жорий йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилгани улкан аҳамият касб этди.
Кейинги йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1985 йилда тасдиқланган “Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари” қабул қилинганининг 35 йиллиги халқаро жамоатчилик томонидан кенг нишонланади. Ўзбекистон парламенти ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжатни 1997 йили ратификация қилган.
Мазкур дастуриламал ҳуқуқий ҳужжатда мустаҳккамланган принципларнинг аксарияти ривожланган демократик давлатларда амал қилаётган одат ҳуқуқи ёки ҳуқуқнинг умумий принциплари билан ўзаро уйғун ва ҳамоҳангдир. Судларнинг том маънода мустақиллигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистонда кейинги уч йил ичида Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида конституциявий даражада беқиёс кўламдаги суд ислоҳотлари амалга оширилди.
Шу йил 19-25 сентябрь кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян юртимизда расмий ташриф билан бўлди. Диего Гарсия-Саян бир ҳафта давомида давлат ташкилотлари, вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, талаба-ёшлар билан қарийб 40 та учрашув ўтказди.
Диего Гарсия-Саяннинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича расмий маърузаси 2020 йил июнь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилиши кўзда тутилган. Мўътабар меҳмон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллигини таъминлаш, одил судлов тамойилларини қарор топтириш борасида Ўзбекистонда қисқа фурсатда эришилган бир қатор ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди.
Биринчидан, янги конституциявий орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилган бўлиб, у суд тизими ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасида кенг ваколатларга эга.
Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактаби очилгани, ўз навбатида, судьяларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишларининг мунтазамлигини таъминлашга қаратилган.
Учинчидан, ўз хизмат вазифаларини бажараётган судьяларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилган.
Тўртинчидан, судлов маъмуриятига тааллуқли бир қатор маъмурий ва техник функиялар Адлия вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Олий суд ҳузурида янги ташкил этилган Судлар фаолиятини таъминлаш бўйича департамент ваколатига ўтказилган.
Бешинчидан, Олий суд веб-сайтида суд қарорлари мунтазам эълон қилиб борилмоқда, одил судловдан фойдаланиш шаффофлиги ва қулайликларини таъминлаш мақсадида суд тизимига рақамли ахборот технологиялари изчил татбиқ этилмоқда.
Олтинчидан, Адвокатлар палатаси ижро этувчи ҳокимиятдан мустақил фаолият юритишини таъминлашга доир кафолатлар яратилган.
Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини жорий этиш соҳасида бир қанча таъсирчан қадамлар қўйилган, жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган ва унинг ижросини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилган.
БМТ Махсус маърузачиси миллий ҳуқуқий тизимни янада такомиллаштириш, судьялар, прокурорлар ва адвокатлар мустақиллигини мустаҳкамлаш доир дастлабки тавсияларини ҳам тақдим этди.
Жумладан, у Ўзбекистонда судьяларни профессионал асосда тайёрлаш масаласига эътибор қаратиб, судьялар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш таклифини билдирди.
Жорий йил августида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида “Инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари” ташкил этилганини таъкидлаш лозим. Бу курсларда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини ўқитиш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида амалга ошириш учун Марказ томонидан:
биринчидан, судьялар ва суд ходимлари учун “Инсон ҳуқуқлари” номли махсус ўқув курсини татбиқ этиш;
иккинчидан, “Инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик” кафедрасини очиш;
учинчидан, “Инсон ҳуқуқлари ва одил судловни амалга оширишнинг халқаро стандартлари” ўқув қўлланмасини тайёрлаш;
тўртинчидан, одил судловга тааллуқли халқаро шартномалар тўпламини нашр этиш;
бешинчидан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиясини амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклифлари ўртага ташланди.
Халқаро конференция якунида анжуман давомида тушган барча амалий таклиф-мулоҳазалар умумлаштирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
фото ЎзАдан олинди
- Қўшилди: 26.11.2019
- Кўришлар: 5829
- Чоп этиш