МАТБУОТ КОТИБИ БАЁНОТИ
Юртимиздаги ўзгаришларни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олмоқда. Хусусан, дунёдаги энг нуфузли нашрлардан бири бўлган Буюк Британиянинг “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда энг жадал ислоҳотларни амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди. Шунингдек, Жаҳон банкининг 2019 йилдаги “Бизнес юритиш” рейтингида ҳам Ўзбекистон энг илғор ислоҳотчи мамлакатлар қаторидан ўрин олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг охирги иш кунида парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан бўлиб ўтган учрашувда бундай муваффақиятлар 2020 йилда ҳам давомли бўлиши, янада яхшиланиши учун тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорларни бажариб, энг юқори натижаларни таъминлаш лозим эканини алоҳида қайд этди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил якунларини сарҳисоб қилди ва 2020 йилдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Йиғилишда 2019 йилда йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, 2020 йилга белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, масъул ижрочилар ва муддатларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, бевосита жойларга бориб, уларнинг ижросини ташкил қилиш ва доимий назоратни таъминлаш кераклиги айтиб ўтилди.
Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2020 йил 3-4 январь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлади. Ушбу хизмат сафари доирасида «Инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш – бугунги ислоҳотлар талаби» мавзуидаги маърифий-ҳуқуқий акция ўтказилади.
Акция давомидаги учрашув ва мулоқотларда 2019 йил якунлари ва 2020 йилга белгиланган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича сўз юритилади. Вилоятнинг бир қатор таълим ва маърифат масканларида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” ташкил қилиниб, Марказ томонидан беғараз асосда китоблар тақдим этилади.
Мазкур акция тафсилотлари ҳақида сайтимизда матнли ва фото ахборотлар бериб борилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.01.2020
- Кўришлар: 4742
- Чоп этиш