Ўтган йил мамлакатимиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Турли қийинчилик ва синовларни ҳам бошимиздан кечирдик. Энг муҳими, одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи тобора кучаймоқда.
Жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топмоқда. 2019 йил 22 декабрда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар буни яққол тасдиқлади. Сайловлар Ўзбекистон демократик тараққиёт йўлидан ортга қайтмаслигини яна бир бор исботлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригида билдирилган ушбу фикрларнинг моҳияти ва аҳамияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан 4 январь куни Косон туманининг 48-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда қизғин муҳокама қилинди.
Маълумки, А.Саидов сайловларда иштирок этиб, 130-сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди. Шу муносабат билан учрашувда таълим маскани жамоаси билан бирга, хайрихоҳ сайловчилар, янги сайланган депутатнинг ишончли вакиллари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари қатнашди.
Марказнинг «Инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш – бугунги ислоҳотлар талаби» мавзуидаги маърифий-ҳуқуқий акцияси доирасида ўтказилган ушбу учрашув қатнашчиларига академик А.Саидовнинг янги илмий-ижодий асарлари совға қилинди.
Мактаб қошида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” ташкил қилиниб, беғараз асосда 100 та китоб тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.01.2020
- Кўришлар: 4748
- Чоп этиш