Огоҳ бўлинг: “Сукунатдаги уруш” авж олмоқда

Бу синтетик гиёҳвандлик моддалар таҳдиди бўлиб, ундан омон қолиш мураккаблашмоқда...

Бундан ўн йил муқаддам асосий хавф манбаи героин ва бошқа опиоидлар ҳисобланган бўлса, бугунги кунда уларнинг ўрнини синтетик гиёҳвандлик воситалари эгалламоқда. Демак, дунё синтетик таҳдид остида. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази бош илмий ходими Шоҳрух Мирзо Алихонов билан шу ҳақда суҳбатлашдик. 

– Синтетик гиёҳвандлик воситалари қандай ишлаб чиқарилмоқда ва қандай тарқатилмоқда? 

– БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (НЖБ) маълумотларига кўра, жаҳон бозорида 12 мингдан ортиқ турдаги гиёҳванд модда аниқланган, – дейди Ш.Алихонов. –  2024 йилнинг ўзида 180 та янги психофаол модда қайд этилган.

Глобаллашув жараёнида гиёҳвандлик воситалари, психофаол моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланмаси инсоният хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий таҳдид сифатида намоён бўлмоқда.

Юзага келган сарҳадсиз хавфнинг кўламини рақамлар яққол намоён этмоқда. БМТнинг 2024 йилги Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги ҳисоботига кўра, дунёда тахминан 300 миллион киши (яъни ҳар 17 нафар одамдан бири) гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилади. Уларнинг 60 миллиондан ортиғи эса опиоид моддаларга қарамликдан азият чекмоқда.

Гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқарилиши ҳақида сўз кетар экан, Афғонистонни тилга олмаслик мумкин эмас. Бу мамлакат дунёнинг энг йирик опиат етказиб берувчиларидан бири бўлиб қолмоқда.

Аммо, бугунги кунда Афғонистон глобал наркоиқтисодиётда кескин трансформация жараёнини бошидан кечирмоқда. 2022 йилда 233 минг гектар бўлган кўкнори майдонлари 2023 йилда 10 минг гектардан камайганига қарамай вазият енгиллашмади. 

Аксинча, мамлакат ноқонуний метамфетамин ишлаб чиқаришнинг йирик марказига айланди. Сўнгги уч йил ичида нарколабораториялар сони қарийб тўрт бараварга ошган.

Бу “синтетика сари бурилиш” гиёҳвандлик бозорининг табиатини тубдан ўзгартирди: етказиб бериш йўналишлари қайта қурилди, ишлаб чиқариш арзонлашди ва фойда ошди. 

Энди дунё янада яширин, чегарасиз ва ҳалокатли гиёҳвандлик таҳдидига дуч келмоқда. Афғонистон энди героин карвонлари эмас, балки чегара билмас кимёвий лабораториялар мамлакатидир.

Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш маркази маълумотларига кўра, 2024 йилда бу минтақада 380 та яширин нарколаборатория аниқланган бўлиб, бу олдинги йилга нисбатан қарийб 20 фоиз кўп.

– Синтетик гиёҳвандлик воситаларининг қандай турлари бор ва улар қанчалик хавфли?

– Наркобозорда метамфетамин, амфетамин ва каптагон ишлаб чиқариш ва тарқатиш кўпайди. Шу билан бирга, фентанил, нитазен каби синтетик опиоидлар ва уларнинг турли аналоглари тез тарқалмоқда. Улар жуда заҳарли бўлиб, бир марта қабул қилишнинг ўзидаёқ кучли қарамликка олиб келади.

Айниқса, фентанил хавфли модда сифатида таърифланади. Агар героин ўн йиллар давомида энг оғир гиёҳвандлик модда ҳисобланган бўлса, фентанил таъсири жиҳатидан ундан 40-50 баравар кучлироқ. Ҳатто микроскопик миқдорнинг ўзи инсон учун ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли, фентанил тарқалиши XXI асрнинг энг хавфли глобал таҳдидларидан бирига айланди.

Гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг янги тўлқини рақамли технологиялар билан уйғунлашмоқда. Рақамлаштириш жараёни ноқонуний бозорни ҳам қамраб олди: эндиликда гиёҳвандлик воситалари интернет орқали, жумладан, интернетдаги “Даркнет” тармоғида сотилмоқда. Бу тармоқ ҳар куни минглаб ноқонуний савдо операциялари амалга ошириладиган глобал майдонга айланди. 

Криптовалюта орқали тўлов ва аноним етказиб бериш, шунингдек, “закладка” усулида тарқатиш наркобизнесни деярли аниқлаб бўлмас даражага келтирмоқда. 

Синтетик моддалар расман тақиқлангунча аллақачон оммалашишга улгурмоқда. Бу рақамли соя давлатлар ўртасидаги чегараларни йўққа чиқариб, наркотаҳдидни янги авлод киберхавфга айлантирмоқда.

Шу билан бирга, доривор воситаларнинг тиббий бўлмаган мақсадда ишлатилиши ҳам кенгаймоқда. Соғлиқни сақлаш тизимларидаги назоратнинг етарли эмаслиги сабабли тинч аҳоли учун мўлжалланган оғриқсизлантирувчи, тинчлантирувчи ва психотроп препаратлар кўпинча “қора бозор” орқали тарқалмоқда. Бу, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда жиддий хавфни юзага келтираётир. 

– Бу хавф майдонида асосий нишон ёшлар бўлса керак? 

– Ҳа, албатта шундай. 2025 йилда БМТ НЖБ томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Марказий Осиёдаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 6 минг нафар ёшлардан 2-5 фоизи охирги бир йил ичида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган. 

Энг кўп тарқалаётгани – каннабис ва турли доривор воситалар истеъмоли ҳисобланади. Марказий Осиёда аҳолининг қарийб 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар эканини ҳисобга олганда, профилактика ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласи миллий хавфсизлик даражасига кўтарилган.

– Гиёҳвандлик таҳдиди қанчалик зарар келтира олади?  

– Бу таҳдид фақат инсон саломатлигига эмас, балки иқтисод, ижтимоий барқарорлик ва экологияга ҳам зарба бермоқда. 

Мутахассислар баҳолашича, трансмиллий жиноий гуруҳлар даромадининг 80 фоизга яқини гиёҳвандлик воситалар савдосидан шаклланади. Бу улкан маблағлар коррупцияни, терроризм ва одам савдосини молиялаштириб, бутун минтақаларни беқарорлаштириши мумкин. 

Бироқ, давлатлар кўрадиган йўқотишлар фақат иқтисодий зарар эмас. Ҳар бир доза бу вайрон бўлган тақдир, бузилган оила, нобуд бўлаётган келажак, демакдир. 

Ўз навбатида, гиёҳвандлик меҳнат унумдорлигини пасайтиради, ишсизликни оширади ва соғлиқни сақлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларига катта босим юклайди. Давлатлар вақтида чора кўрмаса, кейин миллиардлаб маблағ сарфласа ҳам ижобий натижага эриша олмаслиги мумкин.

Экологик оқибатлар ҳам ўта хавфли. Синтетик моддалар ишлаб чиқарилиши жараёнида тонналаб кимёвий чиқиндилар чиқади. Бир килограмм метамфетамин ишлаб чиқариш натижасида тахминан 30 килограмм заҳарли кимёвий чиқинди қолади. Бу моддалар экотизимларни заҳарлайди, флора ва фаунага зарар етказади, ичимлик сувини ифлослантиради. 

Синтетик гиёҳванд моддалар тарқалиши – таъбир жоиз бўлса, “сукунатдаги уруш” бўлиб, ундан омон қолиш мураккаблашиб бормоқда. Шу боис, ҳозирги нарковазият инсоният олдидаги глобал чақириқларни қўймоқда. БМТ НЖБ халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонунчиликни уйғунлаштириш ва янги психофаол моддаларни эрта аниқлаш тизимларини яратиш зарурлигини таъкидламоқда.

Давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бирлашган саъй-ҳаракатлари, бу жараёнга ҳар бир шахснинг ҳисса қўшиши янги таҳдид тўлқинини тўхтатиши мумкин. 

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech