Ўзбекистон – Президент сайлови остонасида

Мамлакатимиз сайловларни эркин, очиқ-ошкора ва демократик руҳда ўтказиш борасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини оғишмай адо этиб келмоқда. Хусусан, сайлов кампанияси оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернетда холис ёритилишини кафолатловчи зарур чоралар кўрилмоқда. Сиёсий партиялар, депутатликка ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситаларидан тенглик асосида, ҳеч бир камситишларсиз фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази сўровлари натижаларига асосланган маълумотларнинг ахборот банкини шакллантириш ва ушбу маълумотлар сайлов жараёнлари иштирокчиларига, шунингдек танишиб чиқиш учун сўраган халқаро кузатувчиларга тақдим этилиши борасида муайян ишлар йўлга қўйилган. Шу билан бирга, юртимизда сайловнинг очиқлигини таъминлайдиган, овоз бериш якунлари ва сайлов натижаларига нисбатан ишонч даражасини оширадиган замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида ҳам изчил натижаларга эришилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, жумладан, 2019 йил бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловлари кампанияси даврида телевидениеда 16 минг 738 та, радиоканалларда 6 минг 914 та, босма оммавий ахборот воситаларида 4 минг 771 та, веб-сайтларда 2 минг 278 та, телеграм каналларида 3 минг 435 га яқин, ижтимоий тармоқ саҳифаларида 6 минг 723 та, жами республика бўйича 40 минг 860 га яқин сайловга оид материаллар берилганини таъкидлаш лозим. Бундан ташқари, сиёсий партиялар фаолиятига оид 40 минг 800 дан ортиқ ахборот, шунингдек халқаро ОАВ орқали сайловга оид 100 дан ортиқ материаллар эълон қилинган.

Хулоса ўрнида жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда катта сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юксак савияда ташкил этиш учун зарур чоралар кўрилганини алоҳида қайд этиш зарур. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, "ЗўрТВ" телерадиокомпанияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан ушбу сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда тайёргарлик ишларининг олиб борилиши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзолади.

Мазкур меморандумларда сайлов қонунчилиги нормаларига амал қилган ҳолда барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга ўз вақтида етказиш каби муҳим вазифалар акс этган. Бу, ўз навбатида, сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг роли муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор тасдиқлайди.

 

Ғ.Мирзонинг

“Сўз эркинлиги ва сайлов ҳуқуқи – халқаро андозалар ўлчамида” мақоласидан;

 “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали,

2021 йил 3-сон.

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech