Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга оширишга оид чора-тадбирлар жамоатчилик муҳокамасида

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тенглик ва инсон қадрига ҳурмат руҳини мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади. У инсон ҳуқуқлари соҳасида онгли муносабатни шакллантириш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлақонли фойдаланишини таъминлашга хизмат қилади.

Шу мақсадда, 2025–2029 йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, ёшлар онгида инсон ҳуқуқлари, рақамли технологиялар, атроф-муҳит муҳофазаси ва гендер тенглиги каби масалалар бўйича билим ва кўникмаларни кучайтириш режалаштирилган.

Мазкур вазифаларни самарали амалга ошириш ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни тасдиқлаши назарда тутилган.

Қарор лойиҳаси инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатда инсон ҳуқуқларига ҳурмат маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.adliya.uz порталида эълон қилинган.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech