Ўзбекистондаги болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар халқаро даражада эътироф этилди

Бухарест шаҳрида “Болаларга нисбатан зўравонликни тугатиш” мавзусида Минтақавий вазирлар конференцияси бўлиб ўтган эди. Унда Европа ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирок этган.

Конференция якунлари бўйича “Европа ва Марказий Осиёда болаларга нисбатан зўравонликни тугатиш” бўйича Минтақавий вазирлар конференциясининг расмий ҳисоботи эълон қилинди. Унда Ўзбекистондаги болаларни ҳимоя қилиш йўналишидаги ислоҳотлар алоҳида қайд этилди.

Хусусан, мамлакатимиз томонидан Болаларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни амалга ошириш, идоралараро координацияни кучайтириш, кўп функцияли болаларни ҳимоя қилиш марказларини синовдан ўтказиш, ишонч телефонлари хизматини кенгайтириш ҳамда ижобий ота-оналик дастурларини ривожлантириш бўйича мажбуриятлар олгани таъкидланди.

Мазкур ташаббуслар болалар хавфсизлигини таъминлаш, зўравонликнинг олдини олиш ва ёрдам хизматлари қамровини кенгайтиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисми сифатида баҳоланди.

Бу эътироф Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг халқаро даражада тан олинаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech