Ўзбекистонга кўчиб юрувчи турларни асрашга қўшган ҳиссаси учун фахрий мақом берилди

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси делегацияси Бразилиянинг Кампо-Гранде шаҳрида бўлиб ўтган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция томонларининг 15-конференцияси (CMS COP15) очилиш маросимида иштирок этди. Форумда давлатлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилишнинг асосий масалаларини муҳокама қилиш ва бу соҳада глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бирлашди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ўз раислигини расман Бразилия Федератив Республикасига топширди. Ялпи мажлис давомида Ўзбекистон делегацияси 2024–2026 йиллардаги раислик натижалари бўйича ҳисобот тақдим этди.  

Ҳужжатда мамлакатнинг кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ёввойи ҳайвонларни ноқонуний овлашга қарши курашишга қаратилган ташаббуслари ўз аксини топган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Конвенция томонларининг 14-конференцияси (CMS COP14) 2024 йил февраль ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ва шундан сўнг Ўзбекистон раисликни ўз зиммасига олган эди. Ушбу форумга мезбонлик қилиш мамлакатнинг атроф-муҳит соҳасидаги халқаро мавқеини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Халқаро ҳамжамият томонидан берилган алоҳида эътироф сифатида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига “Migratory Species Champion Plus” (“Кўчиб юрувчи турларни асраш бўйича чемпион плюс”) мақоми берилди.  

Ушбу мақом Ўзбекистонга 2026–2028 йилларда кўчиб юрувчи турларни ноқонуний олиб кетишга қарши ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш ва глобал ҳаракатларни қўллаб-қувватлагани учун топширилди.

Бу натижа мамлакатнинг барқарор экологик сиёсати, био хилма-хилликни асраш ҳамда кўчиб юрувчи турларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қўшган муҳим ҳиссасини яққол намоён этади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech