Қирғизистон ўлим жазосини қайтармайди – Конституциявий суд буни тақиқлади
Қирғизистон Конституциявий суди мамлакат президенти Садир Жапаров маъмуриятининг болаларни зўрлаш ва зўрлаш билан боғлиқ қотиллик учун ўлим жазосига рухсат берувчи ўзгартиришлар лойиҳаси бўйича мурожаатини кўриб чиқди ва ўлим жазосини қайтариш Конституцияга мувофиқ эмас, деган хулосага келди.
Қирғизистон Конституциявий суди 2025 йил 10 декабрда Конституцияга ўзгартириш киритиш орқали ўлим жазосини тиклашни номақбул ва юридик жиҳатдан имконсиз деб топди, чунки бу «Конституция ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зиддир».
Қирғизистон судининг пресс-релизида айтилишича, суд мамлакат президенти Садир Жапаров маъмуриятининг болаларни зўрлаш ва зўрлаш билан боғлиқ қотиллик учун ўлим жазосига рухсат берувчи ўзгартиришлар лойиҳаси бўйича мурожаатини кўриб чиққан.
Кўриб чиқиш якунлари бўйича суд ўлим жазосини қайтариш Конституцияга мувофиқ эмас, деган хулосага келди. Суд инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда олий қадрият сифатида мустаҳкамланганини таъкидлади. Шу билан бирга, ўлим жазосини тақиқлаш ва яшаш ҳуқуқининг устувор аҳамиятини тан олиш нафақат меъёрий, балки чуқур қадриятли ўлчовга эга.
Конституциявий суд масаланинг халқаро-ҳуқуқий жиҳатига ҳам эътибор қаратди. Қирғизистон Республикаси Конституциясида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари мамлакат ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми экани белгилангани сабабли, давлат ички қарорлар қабул қилишда ратификация қилинган шартномаларга риоя қилиши шарт. Суд Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясига таяниб, давлат халқаро шартномани бажармасликни ўзининг ички ҳуқуқи билан оқлай олмаслигини, шартноманинг амал қилишини тугатиш ёки тўхтатиб туриш эса унда белгиланган шартлар билан қатъий чекланганини таъкидлади.
Конституциявий ва халқаро-ҳуқуқий далиллар мажмуасига асосланиб, Конституциявий суд ўлим жазосини конституциявий тузатиш орқали тиклаш Асосий қонунга мос келмайди ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан имконсиз деган хулосага келди. Шу муносабат билан Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси референдумга қўйилиши мумкин эмас, уни илгари суриш бўйича барча тартиб-таомиллар эса Конституциявий суднинг хулосаси кучга кирган пайтдан эътиборан тугатилади.
Қирғизистонда 2025 йил сентябрь ойи охирида 17 ёшли Айсулу Мукашеванинг зўрланиши ва ўлдирилиши ортидан ўлим жазосини қайтариш масаласи кўтарилди. Президент Садир Жапаров Конституцияга болани зўрлаш, шунингдек, кейинчалик бола ёки катталарни ўлдириш билан боғлиқ зўрлаш учун ўлим жазосини қўллашга рухсат бериш бўйича ўзгартиришлар киритишни буюрди. Бундан ташқари, ўлим жазосини тақиқлаш ҳақидаги халқаро шартномадан чиқиш ҳам таклиф қилинди.
Кейинчалик, Қирғизистон президенти маъмурияти ўлим жазосини қайтариш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди.
Kun.uz
Ўзбекча
English
Русский