2021 йил 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Сайловда фуқаролар ўз кониституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда фаол қатнашди. Тошкент шаҳрида 822 та сайлов учаскаси ташкил этилган бўлиб, ушбу сайлов участкаларидан ўнга яқини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари томонидан кузатиб борилди.
Марказнинг “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ходимлари Ҳ.Мўминов, Л.Ҳолиқулов, М.Ҳасанова пойтахтимизнинг Яшнабод, Миробод ҳамда Юнусобод туманларида Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилган сайлов участкаларида аккредитациядан ўтган ОАВ вакиллари сифатида иштирок этди. Тадбир жараёнида сайловчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.
Яшнабод туманидаги 663-сонли сайлов участкаси раиси Севара Зуфарованинг сўзларига қараганда, мазкур сайлов участкаси таркибига 28 та кўп қаватли уй киритилган бўлиб, 2 минг 425 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Сайлов кунининг биринчи ярмида уларнинг 50 фоизи овоз бериб улгурган.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳридаги 667-сонли сайлов участкаси раиси Фахриддин Ходиев бу йилги сайловда фуқаролар орасида талабалар ҳам жуда фаол эканини таъкидлади.
Шунингдек, Юнусобод туманидаги 440-сонли сайлов участкасида овоз берган сайловчи М.Ҳасанова сайлов жараёнлари кўтаринки руҳда ўтгани, Исломобод маҳалласи фуқаролари сайловда фаол иштирок этганига шахсан гувоҳи бўлгани хусусида гапирди.
Миробод туманида жойлашган 122-сонли сайлов участкаси раиси Муқаддас Эгамбердиева, 125-сонли сайлов участкаси раиси Умид Мансуров, 128-сонли сайлов участкаси раиси Бўстонали Тожибоевнинг қайд этишича, тегишли сайлов участкаларидаги жараёнлар маҳаллий кузатувчилар, яъни сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирокида кузатиб борилган.
Сайлов қонунчилигига мувофиқ, нуроний отахону онахонлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда иштирок этиши учун зарур шароитлар таъминланди.
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти
- Қўшилди: 25.10.2021
- Кўришлар: 3526
- Чоп этиш