“Шайх Зоид мукофоти-2026” совриндорлари эълон қилинди

Бирлашган Араб Амирликларида Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” мукофоти – “Zayed Award for Human Fraternity” лауреатлари эълон қилинди.

Қайд этиш керак, ушбу мукофот динлараро тинчлик, ўзаро ҳурмат, ижтимоий адолат ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган жисмоний ва юридик шахсларга берилади. Бу гал Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасидаги тарихий тинчлик келишуви ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Зарқа Яфтали мазкур совринга муносиб, деб топилди.

Ҳакамлар ҳайъати таркибига мулоқот ва бирдамликда яшаш соҳасидаги таниқли арбоблар, экспертлар киритилган. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам бор.

Дарвоқе, С.Мирзиёева ушбу мукофот ҳакамлар ҳайъати таркибидаги Марказий Осиёнинг илк ва ҳозирча ягона вакили ҳисобланади. Ушбу танлов унинг халқаро майдонда гуманитар ташаббуслар ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссасининг ҳақли эътирофидир. Шунингдек, бу воқеа Янги Ўзбекистоннинг маданиятлараро мулоқот ва гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун очиқ мамлакат сифатидаги обрўсини мустаҳкамлайди, республикамизнинг глобал муаммоларни фаол ҳал қилишга қатъий интилишини тасдиқлайди.

Маълумот ўрнида: Шайх Зоид мукофоти 2019 йил Абу-Дабида бўлиб ўтган Рим папаси Франциск ва Ал-Азҳар бош имоми Шайх Аҳмад Ат-Таййиб ўртасидаги тарихий учрашув шарафига таъсис этилган. Ўшанда мукофотга асос бўлган “Инсоний биродарлик тўғрисидаги ҳужжат” имзоланган эди. Алоҳида шахслар ва ташкилотларга инсоний биродарлик қадриятига асосланган янада тинч, уйғун ва раҳм-шафқатга тўла дунёни барпо этишга қўшган улкан ҳисса учун бериладиган мазкур совринга 2019 йилдан буён 19 давлатдан 19 киши сазовор бўлди.

Бугунгача ушбу мукофотга Рим папаси Франциск (фахрий лауреат), Ал-Азҳарнинг буюк имоми Аҳмад Ал-Таййиб (фахрий лауреат), БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Экстремизмга қарши курашиш бўйича франко-марокашлик фаол Латиф ибн Зиатен, Иордания Ҳошимийлар Қироллиги қироли Абдулла II бин Ал-Ҳусайн ва қиролича Рания Ал-Абдалла, Гаити “Билим ва эркинлик жамғармаси” инсонпарварлик ташкилоти (ФОКАЛ), Италиянинг “Муқаддас Эгидия ҳамжамияти”, кениялик тинчликпарвар Шамса Абубакар Фадхил, Индонезиянинг “Наҳдатул уламо” ва “Муҳаммадия” хайрия ташкилотлари, мисрлик машҳур кардиохирург, профессор Магди Ёқуб, Чили нодавлат ташкилоти асосчиси Нелли Леон Корреа, Барбадос Бош вазири Миа Амор Моттли, Америка озиқ-овқат ёрдами ташкилоти “Бутунжаҳон марказий ошхонаси”, эфиопиялик-америкалик ўсмирлар саломатлиги соҳасидаги новатор Хеман Бекеле сазовор бўлган.

2026 йилги мукофот совриндорлари Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасидаги тарихий тинчлик келишуви, шунингдек афғон қизлари учун таълим тарафдори бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Зарқа Яфтали бўлди.

Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ўртасида тинчлик ва давлатлараро муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги битим Кавказдаги ўнлаб йиллар давом этган можаро ва гуманитар азоб-уқубатга барҳам беришга қаратилган икки давлат раҳбариятининг муҳим қароридир. Мазкур ҳужжат икки қўшни мамлакатнинг тинчлик, мулоқот, низони бартараф қилиш йўлидаги умумий сайъ-ҳаракат ифодасидир.

Бутун умрини аёллар ва болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга бағишлаган жасур аёл Зарқа Яфтали ушбу мукофотга Афғонистон ва бошқа юртлардаги 100 000 дан ортиқ аҳолига таълим ресурслари ажратгани, психологик-ижтимоий ёрдам ва маҳалла даражасида хизматлар кўрсатгани учун сазовор бўлди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев тинчлик битими тан олингани Зоид мукофоти билан тақдирланганидан мамнунлик билдириб, Жанубий Кавказ минтақаси ва бутун дунёда тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун 2026 йилги мукофотни топшириш қўмитасига миннатдорлик изҳор этди.

Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян ҳам ушбу воқеани тарихий келишувни ҳаётга татбиқ этишга ҳисса қўшганларнинг самимий эътирофи сифатида “улкан шараф” деб атади.

Ўз навбатида, Зарқа Яфтали “жуда ҳаяжонлангани, эҳтиросга тўлиб-тошгани”ни айтиб, инсоний биродарлик учун Зоид мукофоти ҳакамлар ҳайъатига самимий миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, лауреат этиб танланиши Афғонистон аёллари учун “муҳим хабар”, кўплаб афғон аёллари, айниқса онлайн мактаблар талабалари, ёш қизлар – тинчлик, хавфсизлик ва етакчилик курслари тингловчиларига умид ва рағбат беради.

Мукофотнинг 2026 йилги соҳиблари мулоқот ва жипсликда яшаш соҳасидаги таниқли арбоблар, экспертлардан иборат мустақил халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан танланди. Улар орасида Европа Кенгаши собиқ раҳбари, Бельгия собиқ Бош вазири Шарль Мишель, Африка Иттифоқи комиссияси собиқ раиси, Чад собиқ Бош вазири Муса Факий Муҳаммад, ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Муқаддас тахтнинг маданият ва таълим Дикастерияси префекти, кардинал Хосе Толентино де Мендонса, инсоний биродарлик учун Зоид мукофоти бош котиби, судья Муҳаммад Абдулсалом каби нуфузли шахслар бор.

– Бу йил инсоний биродарлик учун Зоид мукофотини топшириш қўмитаси томонидан Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тарихий тинчлик битими эътироф этилиши мулоқот ва жипслик маданияти тарғиботига қаратилган миссиямиз ва мақсадларимиз ифодаси сифатида глобал тинчликни илгари суриш йўлидаги муҳим босқич ва йирик дипломатик ютуқдир, – дейди Зоид мукофоти бош котиби Муҳаммад Абдулсалом. – Биз Кавказдаги қарийб қирқ йиллик кескинлик ва можаро саҳифасини ўзгартирамиз, ҳар икки халқ учун янада хавфсиз, умумий келажак учун мустаҳкам пойдевор қўямиз.

Ҳайъат аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 2026 йилги мукофот соҳиблари эълон қилиниши тинчлик ва инсон қадр-қиммати тамойилларига глобал ахлоқий содиқлик тасдиғи эканига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бу эътироф халқаро ҳамжамиятга яна бир бор умид бағишлайди, инсоният биродарлиги муҳим ва барқарор ўзгаришларга ҳисса қўшиш қобилиятини тасдиқлайди.

– Қўмита учун Зарқа Яфталини афғон қизларининг таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва аёллар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари, етакчилиги учун эътироф этиш шарафдир, – деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кетрин Рассел.

2026 йилги совриндорларини тақдирлаш маросими БМТ томонидан эътироф этилган Халқаро инсон биродарлиги куни – 4 февралда Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу тадбир биродарликнинг инсоний қадриятлари ўнлаб йиллик кескинликларни енгиб ўтишга қодирлигини таъкидлайди, халқаро ҳамжамиятни глобал муаммоларни ҳал қилиш бўйича жамоавий ҳаракатларга илҳомлантиради.

Таъкидлаш жоиз, ҳакамлар ҳайъати таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева алоҳида ўрин эгаллайди. Бу иштирок нафақат Ўзбекистон вакилининг гуманитар ташаббуслар ва маданиятлараро мулоқотга қўшган шахсий ҳиссасини эътироф этади, балки мамлакатимизнинг тинчлик ва бағрикенгликни фаол тарғиб қилувчи давлат сифатидаги халқаро обрўсини ҳам оширади.

Ўткир Алимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech