Танзила Норбоева: Мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар тарихий аҳамиятга эга
Тошкент шаҳрида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, масъулиятли ишлаб чиқариш ва тўқимачилик саноатида барқарор стандартларни жорий этишга бағишланган халқаро анжуманда Сенат Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда меҳнат муносабатлари ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўналишида амалга оширилган ишлар тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
2024-2025 йилларда “Better Cotton Initiative” томонидан амалга оширилган асосий ислоҳотлар – сертификатлаш тизимига тўлиқ ўтиш, регенератив қишлоқ хўжалиги стандартларининг янги босқичга кўтарилиши, BCIнинг янгиланган лейблининг жорий этилиши ҳамда Ўзбекистон бўйича мустақил мониторинг натижалари тақдим этилди.
Таъкидланганидек, ўзбек пахтасига нисбатан “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан қўлланилган бойкотнинг бекор қилиниши – Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги энг йирик эътирофларидан бири.

Ўзбекистон ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги муносабатлар “мониторинг ва назорат” босқичидан “тўлиқ ишончга асосланган шериклик” босқичига ўтгани алоҳида қайд этилди.
Давлат меҳнат инспекцияси, Касаба уюшмалари федерацияси, мустақил экспертлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари иштирокида кенг кўламли мониторинг ўтказилиши давом эттирилаётгани маълум қилинди.
Сенат Раиси Ўзбекистоннинг BCI, халқаро ташкилотлар, йирик глобал брендлар ва сертификатлаштириш институтлари билан ҳамкорлиги изчил кенгаяётганини таъкидлади. Шунингдек, мамлакат барқарор ишлаб чиқариш, ESG тамойилларини қўллаш, due diligence амалиётларини жорий этиш ва таъминот занжирларининг тўлиқ шаффофлигини таъминлаш борасида очиқ мулоқот ва қўшма ташаббусларга тайёр экани қайд этилди.
Соҳада кенг кўламли модернизация амалга оширилгани ва кластерлар учун янги имкониятлар яратилгани таъкидланди. Хусусан, тўқимачилик корхоналари модернизация қилинди. Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Кластерларга молиявий имтиёзлар ҳамда имтиёзли кредитлар берилди. Шунингдек, солиқ-божхона енгилликлари, рақамли сертификатлаш ва халқаро стандартларга мос сифат назорати тизимлари жорий этилди.
BCI сертификати Ўзбекистон миллий тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳон бозорига кенг кириб бориши ва глобал брендлар билан ҳамкорлик имкониятларини янада ошираётгани алоҳида таъкидланди.
Анжуман якунида иштирокчилар ўртасида Ўзаро англашув меморандуми ва келгусидаги фаолият учун “йўл харитаси” имзоланди.
Н.Абдураимова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский