Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан конструктив муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан юзма-юз мулоқотида билдирилган ушбу фикрлар мўътабар меҳмоннинг расмий ташрифи якунларига бағишланган матбуот анжуманида яна бир бор янгради. Халқаро пресс-клубда 25 сентябрь куни бўлиб ўтган мазкур тадбир тўғридан-тўғри эфирга узатилди.
БМТ Махсус маърузачиси бир ҳафта давомида мамлакатимиздаги давлат ташкилотлари, вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, талаба-ёшлар билан ўтказган қарийб 40 та учрашуви якунлари асосида миллий ҳуқуқий тизимни янада такомиллаштиришга доир дастлабки хулоса ва тавсияларини жамоатчилик эътиборига тақдим этди. У Фарғона ва Самарқанд вилоятларига сафари доирасидаги мулоқотлари тафсилотларига ҳам тўхталди.
Диего Гарсия-Саян, даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашгани ва мамлакатда 2016 йилдан буён изчил амалга оширилаётган ноёб ислоҳотлар дастури ҳақида атрофлича фикрлашиш имконига эга бўлганидан мамнунлигини изҳор этди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий судига – ушбу ташрифга тайёргарлик кўришда ёрдам бергани, давлат ҳокимияти идоралари вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолларига – ташриф давомида очиқ мулоқотда бўлганлари учун миннатдорчилик билдирди.
БМТнинг юқори мартабали вакили Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорликни давом эттиришга ва демократик янгиланишларни амалга оширишда амалий кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади. “Ташриф жараёнида бошланган самимий мулоқотларимиз келгусида ҳам давом этишини истайман”, деди у.
БМТ Махсус маърузачиси кейинги даврда дунёнинг айрим минтақалари, хусусан, Ғарбий ва Марказий Европа узоқ йиллар давомида қарор топган демократик тизимдан юз ўгириб, авторитаризм ва суд тизимини ижро этувчи ҳокимият томонидан назорат қилиш сари қадам ташлаётгани, яъни демократиядан ортга қайтаётгани кузатилаётганидан ташвишда эканини билдирди.
Шундай қалтис вазиятда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда кейинги йилларда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва ҳокимиятнинг бўлиниши принципини самарали жорий этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида эътиборга сазоворлиги таъкидланди.
Диего Гарсия-Саяннинг эътироф этишича, кейинги 2-3 йил ичидаги шиддатли янгиланишлар моҳияти, жумладан, судьяларнинг мустақил қарор қабул қилишига халал берадиган сиёсий таъсирларни камайтиришга қаратилганида яққол намоён бўлмоқда. Зеро, мамлакат суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан биридир.
Мўътабар меҳмон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллигини таъминлаш, одил судлов тамойилларини қарор топтириш борасида Ўзбекистонда қисқа фурсатда эришилган бир қатор ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди.
Биринчидан, янги конституциявий орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилган бўлиб, у суд тизими ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасида кенг ваколатларга эга.
Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактаби очилгани, ўз навбатида, судьяларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишларининг мунтазамлигини таъминлашга қаратилган.
Учинчидан, ўз хизмат вазифаларини бажараётган судьяларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилган.
Тўртинчидан, судлов маъмуриятига тааллуқли бир қатор маъмурий ва техник функиялар Адлия вазирлиги тасарруфидан чиқарилиб, Олий суд ҳузурида янги ташкил этилган Судлар фаолиятини таъминлаш бўйича департамент ваколатига ўтказилган.
Бешинчидан, Олий суд веб-сайтида суд қарорлари мунтазам эълон қилиб борилмоқда, одил судловдан фойдаланиш шаффофлиги ва қулайликларини таъминлаш мақсадида суд тизимига рақамли ахборот технологиялари изчил татбиқ этилмоқда.
Олтинчидан, Адвокатлар палатаси ижро этувчи ҳокимиятдан мустақил фаолият юритишини таъминлашга доир кафолатлар яратилган.
Еттинчидан, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини жорий этиш соҳасида бир қанча таъсирчан қадамлар қўйилган, жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган ва унинг ижросини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилган.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистонда кейинги уч йилда оқлов ҳукмлари кескин кўпайганини судларнинг прокуратурадан мустақил, эркин фаолият олиб боришларини таъминлаш борасидаги амалий ишларнинг яққол натижаси, деб баҳолади.
Ҳақиқатан ҳам, 2006 йили мамлакатимизда судлар томонидан бор-йўғи 6 нафар шахс оқланган бўлса, 2018 йилда 867 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми ўқилган.
Жорий йилнинг шу даврида айни кўрсаткич 500 нафардан ортиқни ташкил қилмоқда.
Мамлакат суд тизимининг том маънода мустақиллиги ва одил судлов эркинлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Президенти бошлаб берган демократик ислоҳотларнинг қайтмаслигини таъминлаш зарур. Бу, ўз навбатида, мазкур соҳада янги, янада муҳим вазифаларни бажаришни тақозо этади.
Диего Гарсия-Саян бу ҳақда фикр юритар экан, баъзи бир масалалар юзасидан ўзининг дастлабки тавсияларига тўхталди. Ушбу тавсиялар асосан:
• судьяларни сайлаш ва тайинлаш;
• судьяларнинг лавозимида ишлаб қолишини кафолатлаш;
• судьяларни профессионал асосда тайёрлаш;
• суд раисларини тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари кўламини қайта кўриб чиқиш;
• судьяларга интизомий чора кўриш тартиб-таомилларини мукаммаллаштириш;
• Олий суд кенгаши аъзоларини сайлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш;
• прокуратура тизими ваколатларини қисқартириш;
• адвокатлар сонини ошириш ва ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш истиқболлари билан боғлиқ.
Меҳмон Ўзбекистонга ташрифига доир кўплаб саволларга жавоб қайтарди.
Матбуот анжуманида БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари вакиллари, хорижий давлатлар элчихоналари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, адвокатлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Маълумот учун: БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян бошчилигидаги мазкур деленгациянинг мамлакатимизга ташрифидан кўзланган мақсад БМТ Махсус маърузачиси ваколатларига тааллуқли соҳалар доирасида мулоқотлар олиб бориш ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини ўрганишдан иборат бўлди. БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича хулоса ва тавсияларини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этиши кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.09.2019
- Кўришлар: 5593
- Чоп этиш