6 декабрь куни “БМТ шартномавий органларига якка тартибдаги мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти ва энг мақбул тажрибалар таҳлили (Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита фаолияти мисолида)” мавзусидаги семинар-тренинг ўз ишини давом эттирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ҳамкорлигида пойтахтимизда ташкил этилган 2 кунлик ушбу тадбир давомида олтита шўъба доирасида машғулотлар ўтказилди.
Хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий механизмлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар мисолида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизими таҳлил этилди. Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг ратификация қилиниши ва бу ҳужжатларнинг миллий ҳуқуқ тизимида тутган ўрнига эътибор қаратилди.
Машғулотларда якка тартибдаги мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асоси ва бу борадаги амалиётнинг умумий таҳлилига алоҳида урғу берилди. Халқаро экспертлар БМТнинг турли шартномавий органлари томонидан якка тартибдаги мурожаатлар кўриб чиқилишининг ўзига хос хусусиятларини атрофлича шарҳладилар.
Бундан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг якка тартибдаги мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти ва аъзо-давлатларнинг Қўмита тақдим этган Мулоҳазалардаги тасвияларни бажариш борасидаги энг мақбул тажрибалари диққат марказида бўлди.
Тингловчилар эътиборига БМТ Қўмитаси Ўзбекистонга якка тартибдаги мурожаатлар бўйича тақдим этган Мулоҳазалар ижросига доир маълумотлар ҳам ҳавола этилди. Бу борада мавжуд ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги ва Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган семинар-тренинг якунига етди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2019
- Кўришлар: 5599
- Чоп этиш