13 октябрь куни Белград шаҳрида (Сербия) Парламентлараро Иттифоқнинг 141-ассамблеяси иш бошлади.
Шу муносабат билан Сербия Миллий Мажлисида бутун дунёдан 1700 нафардан зиёд парламент аъзолари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллари тўпланди.
Ушбу халқаро анжуман “Халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш: парламентларнинг роли ва ишлаш механизми ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти” мавзусига бағишланган.
Депутатлар гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш соҳасида эришилган энг сўнгги натижаларни ҳам муҳокама қилади. Парламент аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш хизматлари билан кенг қамровда таъминлаш масалалари кўриб чиқилади.
Анжуманда қарийб 140 мамлакатдан делегатлар, жумладан, 70 нафар парламент спикерлари ва 40 нафар уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, 700 дан ортиқ депутат қатнашмоқда. Ушбу парламентлар аъзоларининг 30 фоизи аёллар ва 17 фоизи ёшлардан иборатдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам 141-ассамблея ишида иштирок этмоқда.
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси ўз ишини 17 октябрга қадар давом эттиради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.10.2019
- Кўришлар: 5378
- Чоп этиш