Волонтёрлик – инсонпарварликнинг энг олий кўриниши
Ҳозирги кунда волонтёрлик ҳаракати жамият тараққиёти, инсонпарварликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Волонтёрлик бу шахснинг ўз ихтиёри, моддий манфаат кутмаган ҳолда жамиятга фойда келтиришига қаратилган фаолият бўлиб, инсоннинг эзгу ниятларини амалда кўрсатиш имконини беради. Аслида, кўнгилли меҳнат Ўзбекистон жамиятида қадимдан мавжуд бўлган, деб айта оламиз. Чунки, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ ўртасида ҳашар орқали жамоавий ёрдамлар кўрсатилган. Волонтёрликни ушбу ҳаракатнинг кенгайган ва ривожланган кўриниши дейишимиз мумкин.
Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида волонтёрлик тизимли йўлга қўйилган бўлиб, йирик халқаро ташкилотлар томонидан бошқарилади. Швейцарияда асос солинган Халқаро Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамияти ҳалокат қурбонларига ёрдам бериш, биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув машғулотлари ташкил қилиш, халқаро инсон ҳуқуқи бўйича билимларни тарқатиш, қуролли тўнашувлар даврида эса ҳарбий тиббиёт хизматчиларига кўмаклашиш вазифаларини бажаради.

Германияда волонтёрлик Vürgerschaftliches Engagement – фуқаролар фаоллиги тушунчаси билан изоҳланади. Бу жамиятнинг барча соҳаларини қамраб оладиган лойиҳа бўлиб, жамоат ташкилотларида иштирок этиш, ижтимоий лойиҳалар ташаббускори бўлиш, маҳаллий ва давлат миқёсида ижтимоий хизматларни қўллаб-қувватлаш каби фаолиятларни ўз ичига олади.
Анкет-Комиссия кўнгиллилар хизматини формал мажбурият тури сифатида эътироф этиб, уни узоқ вақт давом этувчи фаолият шакли деб тан олган. Анкет-Комиссиянинг Бундестагдаги фаолияти якунлангандан сўнг “Фуқаролар фаоллиги” қуйи қўмитасини тузишга қарор қилинди. 2002 йилдан бошлаб ушбу қўмита сиёсат, жамоат арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, қолаверса оддий фуқаролар учун музокаралар олиб бориш марказига айланди. Кейинчалик федерал ўлка ижтимоий масалалар бўйича вазирликлари қошида махсус мувофиқлаштирувчи тузилмалар иш бошлади.
Франциядаги Economie Sociale модели давлат хизматининг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги таркибий қисми ҳисобланади. Кўнгиллилар фаолиятида ихтиёрий равишдаги волонтёрлик, нодавлат сектори ва жамоат ташкилотларидаги фуқаролар фаоллиги элементларини кўриш мумкин.

Буюк Британияда “National Trust UK” нодавлат ташкилотининг 5,2 миллион расмий аъзоси бўлиб, унда 100 мингдан зиёд кўнгиллилар фаолият олиб боради. Ушбу ташкилот тарихий обидаларни, боғларни сақлаш, реставрация қилиш, археология ишларини амалга ошириш билан шуғулланади. Бундан ташқари, табиий кўллар, ўрмонлар, денгиз қирғоқлари софлигини сақлашга қаратилган акцияларни ташкиллаштиради.
Ўзбекистонда ҳам волонтёрлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Ёшлар, жамоатчилик ташкилотлари ва нодавлат секторларда кўнгиллилик фаолиятининг оммалашиши натижасида турли йўналишларда волонтёр жамоалар шаклланмоқда.

Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси энг муҳим ташкилотлардан бири бўлиб, волонтёрлик фаолиятини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш вазифасини бажаради. Ассоциация ижтимоий-яхшилик, инсонпарварлик, ҳамжиҳатлик ва фаол фуқаролик тамойилларига асосланган ҳолда фаолият олиб боришни мақсад қилган. Унинг рўйхатга олиниши ва фаолияти ёшларни волонтёрликка жалб этишда, шунингдек, волонтёрлик гуруҳлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида “ижтимоий шериклик” тизимини барпо этишга ёрдам беради.
“Volontyor.uz” сингари онлайн платформалар волонтёрларни рўйхатга олиш, лойиҳаларни эълон қилиш ва ишни ташкил қилишда муҳим восита бўла олади.
Волонтёрлик фаолияти нафақат йирик ташкилотлар, балки индивидуал ёки кичик жамоалардан ҳам ташкил топган бўлиши мумкин. Мисол учун, ижтимоий ҳимоя лойиҳалари орқали кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш, уй-жойларини таъмирлаш ва озиқ-овқат етказиб бериш мумкин.
Ушбу фаолиятда экологик ташаббуслар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳудудларни ободонлаштириш, дарахт экиш ва чиқиндиларни тозалаш, саралаш орқали катта-кичик ҳудудларда вазият яхшиланмоқда.
2020 йилда рўй берган Сардоба фожеаси Ўзбекистонда волонтёрликнинг қанчалик муҳимлигини яққол намойиш этди. Фалокат содир бўлган илк кунларданоқ юзлаб, кейинчалик эса минглаб волонтёрлар, зарарланган ҳудудлардаги аҳолига озиқ-овқат, кийим-кечак ва гигиена воситалари етказиб бериш, вайрон бўлган жойларни қайта тиклаш жараёнларида қатнашиш каби кўплаб ишларни амалга оширди.
Ижтимоий тармоқлар орқали йиғилган ёрдам карвонлари, кўнгиллиларнинг шахсий транспорти билан етказилган маҳсулотлар, ёшлар томонидан ташкил этилган турли хил хайрия акциялари бу фожеанинг оқибатларини яхшилашга катта ҳисса қўшди. Сардоба воқеаси волонтёрликнинг инсонпарварликдаги ҳақиқий кучини, халқимизнинг бирдамлиги ва меҳрибонлигини яна бир бор намоён этди.
Бугунги кунда волонтёрлик ҳаракати асосан ёшлар ташаббуси билан янада кенгаймоқда. Ёш волонтёрлар ўз тенгдошларини жалб этиш, кичик гуруҳларни йирик жамоаларга айлантириш, рақамли платформалар орқали кенг оммани ҳаракатга чорлаш орқали волонтёрлик ҳаракатининг оммалашувига катта ҳисса қўшмоқда. Натижада, дастлаб 10 кишидан иборат жамоа қисқа вақт ичида 100-200 кишилик катта гуруҳга айланиши мумкин.
Волонтёрлик – жамиятнинг руҳий ва маънавий пойдеворини мустаҳкамловчи куч. Халқаро тажрибада ҳам, Ўзбекистондаги амалиётда ҳам у инсонийликнинг энг олий кўринишларидан бири саналади. Ушбу беминнат кўрсатилган ёрдам неча-неча ҳудудларнинг ободонлашувига, кишилар ҳаётини яхшилашга хизмат қилмоқда. Волонтёрлик хоҳ катта ишлар орқали бўлсин, хоҳ кичик ишлар - бари инсонийликнинг олий кўриниши ҳисобланади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский