"Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз!"
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 март куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураршишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу масала бўйича халқимизга яна бир бор мурожаат қилар экан, шундай деб таъкидлади. Давлатимиз раҳбари, жумладан, мамлакатимизда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилаётганини қайд этди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари муҳокамаси порталига «Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди. Лойиҳанинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида бир қатор сайтларда маълумотлар берилмоқда.
Хусусан, daryo.uz сайтида қайд этилишича, мазкур Низом ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда идоравий мансублигидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг ходимларига нисбатан қўлланилади.
Низомга мувофиқ коронавирус пандемиясининг тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар амалга оширилаётган даврда иш берувчилар ходимларининг розилиги билан уларни:
1) масофавий иш усулида;
2) мослашувчан иш жадвалида;
3) ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин.
Масофадан иш – ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш.
Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлашини ҳисобга олган ҳолда у томонидан бажарилган ишлар учун бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Унга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек, тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди.
Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
- меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида – ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
- меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида – ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.
Ходимни масофавий ишга ўтказилганда унинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонунчиликда ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлар сақлаб қолинади.
Иш вақти режимининг ўзгариши, шу жумладан, ишнинг бошланиши ва тугаш вақти, шунингдек, тўлиқсиз иш вақтининг ўрнатилиши меҳнат шароитининг ўзгариши ҳисобланади ва иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Мослашувчан иш графигига вақтинчалик ўтказиш қуйидагиларни назарда тутиши мумкин:
- ходимга тўлиқсиз иш вақти – тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилаш (Меҳнат кодексининг 119-моддаси);
- қисқартирилган иш вақти давомийлиги доирасида ходимнинг иши бошланиши ва тугаш вақтларини (Меҳнат кодексининг 115-118-моддалари) белгилаш, шунингдек, бошқа ходимлар учун ўрнатилган ички меҳнат тартиби-қоидаларидан фарқли равишда ишдаги танаффуслар вақти ва давомийлиги.
Мослашувчан иш графигига вақтинчалик ўтказиш юзасидан ходим билан тузилган қўшимча меҳнат шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:
- тўлиқсиз иш вақтида – ишнинг бошланиш ва тугаш вақти кўрсатилган кунлик иш соатлари ёки ҳафталик иш кунлари миқдори;
- иш вақти режими ўзгарганда – ишнинг кунлик бошланиш ва тугаш вақти, шунингдек, сменали ишда ишланадиган ва ишланмайдиган кунларнинг навбати.
Ходимни тўлиқсиз иш вақтига вақтинчалик ўтказилишида:
- меҳнатга ҳақ ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда тўланади;
- меҳнат таътилининг давомийлиги сақлаб қолинади.
Ходимнинг хоҳишига кўра ва иш берувчининг розилиги билан ходим вақтинчалик уйда ишлаши учун уй меҳнати шароитига ўтказилиши мумкин.
Уйда ишлаш – тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ ходим яшаш жойи бўйича ёки унга ёки унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишни англатади.
Уйда ишлашни ташкил этишга, ходимнинг яшаш жойидаги меҳнат шартномасига мувофиқ уйда ишлашни амалга ошириш учун зарур бўлган бинолар, шу жумладан, турар жой бинолари бўлган тақдирда йўл қўйилади. Уйда ишга ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
- меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида – ходимнинг уйда ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
- меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида – ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.
Уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.03.2020
- Кўришлар: 4490
- Чоп этиш