Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди.
Cайлов якунларига кўра, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев ишончли ғалаба қозонди: 80,1 фоиз овоз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига иккинчи муддатга сайланди.
Президент сайловининг ўзига хос хусусиятлари
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, ушбу сайловнинг бир қатор алоҳида хусусиятларини санаб ўтиш ўринли, деб ҳисоблаймиз.
Биринчи хусусияти: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, Президент сайлови илк марта октябрь ойида ўтказилди. Илгари аҳолининг сайлов овозига эга 6-7 миллион нафар вакили бу даврда пахта йиғим-терими мавсуми билан банд бўлиши ҳисобга олиниб, Асосий Қонунимизда сайловларни декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш белгиланганди.
Бу, бир томондан, жойлардаги сайлов участкаларини қишнинг совуқ ва қор-қировли кунларида овоз бериш учун тайёрлашда кўплаб муаммоларни келтириб чиқарса, иккинчи томондан, фуқароларнинг сайловда иштирок этиш фаоллигига ҳам муайян даражада салбий таъсир кўрсатмай қолмасди. Шу маънода, бу галги Президент сайлови октябрь ойида ўтказилгани бундай муаммоларга осон ечим топиш имкониятини яратди.
Натижада сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 158 минг 907 нафар сайловчидан Президент сайловида, чет элларда овоз берган ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда, 16 миллион 212 минг 343 нафар сайловчи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80,4 фоизидан иборатдир. 421 минг 176 нафар сайловчи жорий йилнинг 14 октябридан – 20 октябригача ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.
Иккинчи хусусияти: сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди. Сайлов коронавирус карантини талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўтди.
Округ ва участка сайлов комиссияларига 12 миллион 700 минг дона бир марта қўлланиладиган тиббий ниқоб, 21,5 минг литр антисептик восита ва бошқа турдаги ҳимоя ҳамда дезинфекция воситалари етказиб берилди. Сайлов комиссияларининг 142 минг нафардан зиёд аъзоси коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмланди.
Учинчи хусусияти: Президент сайлови илк маротаба 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси амалда жиддий синовдан муваффақиятли ўтди.
Бу ўринда сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берганига эътибор қаратиш лозим. Халқаро ва хорижий экспертлар таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.
Хусусан, сайлов қонунчилигига жорий йилнинг 8 февраль ва 31 май кунлари ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу асосда, аввало, сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилди.
Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими янада такомиллаштирилди. Хусусан, мамлакатнинг барча, яъни 207 та туман ва шаҳарларида жойлашган сайлов участкаларида 414 та кузатув камераси ўрнатилди. Бу 2019 йилги парламент сайлови давридаги кўрсаткичдан 147 фоиз кўпдир.
Бундан ташқари, барча сайлов участкалари видеокузатув камералари билан таъминланиб, овоз бериш жараёнларини онлайн шаклда намойиш этиш йўлга қўйилди. Бу жараён, айниқса, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов портали ва Матбуот хизмати биносидаги улкан экранда, шунингдек, “Ўзбекистон-24” телеканали орқали тўғридан-тўғри ҳамда узлуксиз тарзда кўрсатиб борилди.
Тўртинчи хусусияти: сайлов демократик руҳда, очиқлик
ва ошкоралик тамойиллари асосида бўлиб ўтди. Партиялараро қизғин кураш муҳитида ўтган сайловда ҳар бир партия номзоди ўз дастури билан ҳамда номзодларнинг ишончли вакиллари фаол қатнашди, барча ҳудудларда сайловолди ташвиқот-тарғибот тадбирларини ўтказди.
Президентликка номзодларнинг ҳар бири учун “Ўзбекистон-24”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла” ҳамда “Маданият ва маърифат” телеканалларида 210 дақиқа бепул эфир вақти ажратилди. Ҳар бир телерадиоканалда сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотига оид телекўрсатувлари ва радиоэшиттиришлари 150 сонияли блокда 4 мартадан эфирга узатиб борилди. Ўзбекистон Миллий тедерадиокомпаниясининг 13 та минтақавий телеканалида эса шу мақсадлар учун 1 минг 900 дақиқа вақт ажратилди.
Бешинчи хусусияти: Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятини Сайлов кодекси талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ва Календарь режасига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этгани сайловнинг сифати ҳамда савиясига бевосита ижобий таъсир кўрсатди.
Бунда, айниқса, сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқоти учун тенг ва кенг имкониятлар яратилгани муҳим аҳамият касб этди.
Олтинчи хусусияти: сайлов жараёнлари оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали кенг ёритиб борилди. Бу борада, айниқса, ижтимоий тармоқлар ниҳоятда фаол бўлди. Ушбу омиллар, ҳеч шубҳасиз, Президент сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигига, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилишига яқиндан хизмат қилди.
Сайловолди ташвқиоти даврида Президентликка номзодларнинг ҳар бири учун мамлакат аҳамиятига молик даврий нашрлар – “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталари – 5 саҳифадан, шунингдек, “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари 5,5 саҳифадан жой ажратди. Ҳудудлардаги 26 та маҳаллий газета ҳар бир номзодга 42 саҳифадан жой тақдим этди.
Еттинчи хусусияти: илк бор номзодларнинг вакиллари ўртасида теледебатлар ўтказилди. Теледебатлар сайловчиларга ҳар бир сиёсий партия илгари сураётган ғояларни таққослашга имкон берган бўлса, партияларга эса давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришларга доир қарашларини, янги таклиф ва ташаббусларини эркин ифода этиш имконини берди.
Саккизинчи хусусияти: Президентликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайлов дастури акс этган 847 минг 370 дона ташвиқот плакати ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида ҳамда илк маротаба тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида чоп этилди. Номзодлар ҳақидаги маълумотлар мамлакат бўйлаб ўрнатилган 421 та электрон мониторда мунтазам намойиш этилди.
Тўққизинчи хусусияти: имконияти чекланган фуқароларнинг сайловда тўлақонли иштирок этиши учун тарғибот материаллари ва сайлов бюллетенлари Брайль алифбосида чоп этилиб, аудио-ёзувда тарқатилди, сурдо-таржима билан таъминланди.
Ўнинчи хусусияти: фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, маҳаллалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий маданий марказларнинг кўп минг сонли вакиллари ҳамда волонтёрлар сайлов кампаниясининг барча босқичларида кенг ва фаол иштирок этди.
Ўн биринчи хусусияти: сайлов жараёнларини 197 та маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 439 нафар вакили ва 140 дан ортиқ нуфузли хорижий оммавий ахборот воситасининг 233 нафар журналисти ёритиб борди. Шу мақсадда рўйхатдан ўтказилган жами оммавий ахборот воситалари вакилларининг сони 1 минг 672 нафарни ташкил этди.
Сайлов кампанияси давомида хорижий ва миллий нашрларда 76 мингтадан зиёд материаллар эълон қилинди. Бу 2019 йилги парламент сайлови давридаги кўрасткичдан 34 мингтага кўп, деганидир.
Ўн иккинчи хусусияти: сайловни Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби 20 га яқин нуфузли халқаро ташкилотдан 631 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди.
Шунингдек, дунёнинг 50 га яқин давлатидан 340 нафар хорижий кузатувчи ташриф буюрди ва сайлов жараёнларини кузатишда фаол иштирок этди. Сайлов жараёнларини кузатишда жами 971 нафар халқаро ва хорижий кузатувчи қатнашди.
Ўн учинчи хусусияти: сайловда иштирок этган бешта сиёсий партиядан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 64 минг 450 нафар вакил миллий кузатувчи сифатида сайлов жараёнида фаол иштирок этди.
Ўн тўртинчи хусусияти: биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкасига ўрнатилган 414 та видеокамера орқали узатилган онлайн намойиш миллионлаб одамлар овоз бериш жараёнларини тўғридан-тўғрни кузатиб бориши учун қулай имконият туғдирди.
Ўн бешинчи хусусияти: ватандошларимиз учун 37 та давлатда ташкил этилган 54 та сайлов участкасида сайловчилар рўйхатига киритилган 299 минг 780 нафар фуқаромизга овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловларда қатнашарди.
Бу галги сайловда мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлмаган 11 та мамлакатда ҳам хориждаги юртдошларимиз учун зарур шароитлар туғдириб берилди. Яъни, дунёнинг 149 та шаҳрида жами 380 та қўшимча кўчма сайлов участкаси ташкил этилди.
Ўн олтинчи хусусияти: ушбу сайловда илк бор овоз бериш кўрсаткичлари ҳам анча салмоқли бўлгани кузатилди. Бунда, бир томондан, биринчи марта конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган 887 минг 686 нафар ёш йигит-қиз, иккинчи томондан, кейинги даврда Ўзбекистон фуқаролигини олгани учун илк бор сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган минглаб юртдошларимизнинг улуши кўзда тутилмоқда.
Буларнинг барчаси сўнгги йилларда жамиятимизда тобора мустаҳкамланиб бораётган очиқлик ва ошкоралик руҳининг сайлов жараёнида ҳам яққол намоён бўлганини исботлайди. Бинобарин, бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган Янги Ўзбекистон улуғ аждодларимизнинг миллий ва тарихий анъаналарини давом эттириб, янада бойитиб, ҳар томонлама муттасил ривожланаётган замонавий демократик давлат сифатида бутун дунёнинг эътиборини тортмоқда.
Шу маънода, Президент сайлови халқимиз юксак тафаккури ва донишмандлигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу сайлов Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давомидир.
Президент сайлови: самарадор “Ҳаракатлар стратегияси”га муносиб баҳо ва “Янги Ўзбекистон стратегияси”га юксак ишонч ифодаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимиз нафақат давлат бошлиғини сайлади, балки Янги Ўзбекистонимизнинг келажагини танлади. Эл-юрт истиқболи учун овоз берди.
Қолаверса, сайловда халқимиз ўтган беш йил давомида амалга оширган кенг кўламли ва самарадор ислоҳотларимизни муносиб баҳолади. Юртдошларимиз Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги шиддатли ва демократик ислоҳотларга ҳақиқий баҳо берди: халқимиз ушбу стратегик дастур муаллифи ва ташаббускори, ҳақиқий ватанпарвар ва фидойи инсон Шавкат Мирзиёевдан рози эканини амалда тасдиқлади.
Чиндан ҳам, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган қисқа даврда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Давлат раҳбари изчиллик билан олиб бораётган халқпарвар ички ва ташқи сиёсат натижасида жонажон Ватанимиз изчил тараққий этиб, халқимизнинг бахти тўкис ва ҳаёти тобора фаровон бўлиб бормоқда.
Мамлакатимизда демократик тамойиллар асосида ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-сиёсий муносабатларни қонунчилик йўли билан мувофиқлаштириш, аҳолининг турмуш сифати ва даражасини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз амалий самарасини бермоқда. Инсон ҳуқуқлари, инсон қадри устувор аҳамият касб этмоқда.
Бугун Ўзбекистонда “Инсон қадри учун!” шиори кенг амал қилмоқда. Бунда, авваламбор, “Халқ – давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳаётимизга изчил жорий этилаётгани муҳим ўрин тутмоқда. Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилгани инсонни қадрлаш, қадр-қиммати ва иззат-обрўсини жойига қўйиш учун унинг муаммоларига ечим топиш, ташвишларини ҳал этиш ва дардига малҳам бўлиш жуда муҳим эканини амалда кўрсатди.
Дунёда дўстларимиз ва яқин ҳамкорларимиз янада кўпаймоқда. Мингдан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчилар, жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократия ва рақобат руҳида, қонуний ва адолатли, очиқ ва шаффоф, холис ва ошкора асосда бўлиб ўтганини эътироф этди.
Сайловда Ўзбекистон халқи, бир томондан, Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида амалга оширилган ҳар томонлама эътиборга лойиқ шиддатли ислоҳотларимиз самараларига юксак баҳо берди. Иккинчи томондан, сайловчилар ана шу ибратли ишларнинг давоми бўлган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига комил ишонч билдирди.
Халқимиз Миллат сардори Шавкат Мирзиёев билан ҳамиша биргалигини – биргаликда ягона ва якдил Янги Ўзбекистонни бунёд этишга тайёр эканини шоён этгани бунинг яққол тасдиғи бўлди. Сайловчилар Ўзбекистон Президентининг Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги эзгу ва ғоятда масъулиятли ишларини яна бир бор ўз овозлари ёрдамида фаол қўллаб-қувватлади.
Энг асосийси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида баён этилган ва халқимиз юксак ишонч билдирган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида
бугун ўзбекистонликлар ўз олдига жуда катта марраларни белгилаб олди. Ушбу эзгу йўлда халқимизни жипслаштирсак, барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган марраларимизга албатта эришамиз.
Янги Ўзбекистон ва янгича сайлов дунёқараши
Энг муҳими, бўлиб ўтган Президент сайлови Янги Ўзбекистонда янгича сайлов дунёқараши шаклланганини яққол кўрсатди. Бу, ўз навбатида, фуқароларимизнинг сиёсий фаоллиги юксалиб, Янги Ўзбекистон тақдирига, демакки, ўзининг ва оиласининг келажагига дахлдорлик ҳисси янада ошиб бораётгани тимсолида рўй-рост намоён бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш ҳамда эртанги кунимиз равнақида бугунги Президент сайлови ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис ҳам юртимизда ушбу сиёсий жараёнга пухта ва қизғин ҳозирлик кўрилди. Сайлов илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил этилди.
Фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодасидир. Мамлакатимизда яратилган мутлақо янги сайлов тизими фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқи тўлиқ амалга ошишига хизмат қилмоқда.
Сайлов жараёни халқаро ҳуқуқ нормаларига мос ҳолда, ошкоралик, кўппартиявийлик, эркинлик, тенглик тамойилларига мувофиқ равишда бўлиб ўтди. Бунда сайлов тизимига оид қонунчиликда фуқароларнинг сайловолди кампаниясида ва овоз беришда эркин қатнашиши, овоз бериш яширинлиги, буни ҳар бир фуқаронинг ўзи бевосита амалга ошириши белгилаб қўйилгани алоҳида аҳамият касб этди.
Аксарият халқаро, хорижий ва миллий кузатувчилар овоз бериш куни сайлов участкаларидаги гавжумлик, кўтаринки кайфият эътиборини тортганини алоҳида таъкидлагани диққатга сазовордир. Зеро, бу муҳим воқелик аҳолининг сиёсий онги ошганини кўрсатади.
Яъни, юртдошларимизнинг сайловда фаол иштирок этганлари ва овоз беришдек масъулиятли ишни сидқидилдан бажарганлари – халқимиз Ватанимизнинг келгуси тақдирини белгилаб олишдек масъулиятли бурчига асло бефарқ эмаслигидан ёрқин далолат беради. Энг муҳими, бундай фаоллик нафақат пойтахтимизда, балки барча ҳудудларда ва хорижий давлатларда ҳам бирдек намоён бўлди.
Аслида ҳам, давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий бурчидир. Президент мамлакатда ички ва ташқи сиёсатни олиб бориш, халқимиз фаровонлигини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни амалга оширувчи энг асосий ва муҳим шахс ҳисобланади.
Албатта, ғоятда масъулиятли ушбу вазифаларни тўлақонли бажариш, мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш осон иш эмас. Шу жиҳатдан, сайловда муносиб номзодга овоз беришнинг аҳамияти жуда катта эканини халқимиз теран англаб етди. Бу ҳақиқатни сайлов якунлари амалда тасдиқлади.
Сайловга мажбуран чорловларга йўл қўйилмади. Қолаверса, оила аъзоларидан бир кишининг барча бюллетенларни ташлашидек эскирган амалиёт бу галги овоз бериш жараёнларида деярли учрамади.
Янги Ўзбекистон учун бўлиб ўтган янгича сайлов чин маънода шаффоф ва очиқ тарзда ташкил этилгани билан тубдан фарқ қилди. Сайлов кунига қадар номзодларнинг сайловолди дастурлари билан обдон танишиб чиқиш имконияти яратилди.
Президентликка номзодларнинг чиқишларини оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали нафақат бутун халқимиз, балки жаҳон жамоатчилиги эмин-эркин кузатиб борди. Буларнинг барчаси, албатта, ўзбекистонлик ҳар битта сайловчи келгуси беш йилда Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун садоқат билан хизмат қилишга қодир, ўзи муносиб топган номзодга овоз бериши учун талаб этиладиган барча шароит ва имкониятлар ифодасидир.
Хулоса қилиб айтганда, дунёқарашнинг ўзгариши – энг катта ютуқ. Инсоннинг онги ва дунёқараши ўзгарса – унинг ҳаёти албатта ўзгаради. Шу асосда, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини албатта амалга оширамиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда бунёд этамиз! Учинчи Ренессанс пойдеворини биргаликда яратамиз”.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 28.10.2021
- Кўришлар: 4192
- Чоп этиш