30 октябрь – 13 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида бугун қадимий ва ҳамиша навқирон кентда ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми тадбирлари бошланди.
27-28 октябрь кунлари ўтказиладиган “Иқлим ҳаракати ва унинг, айниқса, ёшлар учун ижтимоий таъсири” мавзусига бағишланган ушбу йирик халқаро анжуман ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Ташкилотчиларининг маълум қилишича, форум ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғояларини глобал миқёсда илгари суриш ва барқарор келажакни шакллантиришда уларнинг овозини кучайтириш мақсадида ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида бугун иштирокчилар учун Самарқанд бўйлаб маданий саёҳат ҳамда “Icebreaker” интерактив танлови ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан “Бағрикенглик кемаси” номли халқаро санъат лойиҳасига бағишланган концерт бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа турли давлатлар болаларини санъат орқали дўстлик, тинчлик ва меҳр ғоялари остида бирлаштирга қаратилган.
Концерт дастурида юртимиз ёш санъаткорлари билан бирга хорижлик санъатсевар ёшлар ҳам ўз чиқишларини намойиш этишди. Турли миллат ва элатлар мусиқа садолари форум иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Энг муҳими, ушбу лойиҳа ўзаро бирдамликни таъминлашдек улуғвор мақсадни ўзида акс эттирди.
Форумнинг асосий тадбирлари 27 октябрь куни бошланади. “Generation of Action” шиори остида ўтказиладиган очилиш маросимида ёшлар иқлим бўйича илгари сураётган ташаббуслар, инновацион ечимлар ва уларнинг глобал иқлим сиёсатидаги ўрни ҳақида ўзаро фикр алмашади.
Тадбирда ЮНЕСКО бош директорининг ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати вакиллари, шунингдек, Нигерия, Миср, Испания, Боливия ва Бразилиядан ёш иқлим етакчилари чиқиш қилиши кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 27.10.2025
- Кўришлар: 52
- Чоп этиш
Ўзбекча
English
Русский