Юридик таълимни модернизация қилишда “таълим - илм-фан - амалиёт”нинг узвий интеграцияси таъминланади
Тошкент давлат юридик университетида “Юридик таълимга янгича ёндашув: ҳуқуқшунос олимлар нигоҳида” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган тадбирда юртимизда юридик таълим сифатини ошириш, юридик таълимнинг замонавий тамойиллари ва устувор йўналишларига эътибор қаратилди.

Халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш, “таълим - илм-фан – амалиёт” интеграциясини кучайтириш зарур. Илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва уларни амалиёт билан уйғунлаштириш, халқаро тажриба асосида юридик кадрлар тайёрлашнинг янги механизмларини белгилаш мақсадга мувофиқ.
Ҳуқуқшунос олимларни бир жойга жамлаган анжуман давомида юридик таълимда фундаментал фанларни ўқитиш, миллий ҳуқуқий қадриятларни талабаларга етказиш, юридик таълим ва илм-фанни мувофиқлаштириш борасида ҳамкорликни кучайтириш, юридик илм-фаннинг натижадорлигини ошириш, илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш механизмларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.

Илмий-амалий муҳокама юридик таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштириш, фармонда белгиланган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ этиш, ҳуқуқшунослик соҳасида халқаро талаблар даражасида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган муҳим платформага айланди.

Бу юртимизда юридик таълимни янги сифат босқичига кўтариш, ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнига муносиб ҳисса қўшадиган профессионал, интеллектуал салоҳиятга эга юридик кадрлар тайёрлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Тадбир давомида билдирилган таклифлар, фикрлар ва амалий тавсиялар юридик таълимни модернизация қилиш, илмий фаолиятни кучайтириш, “таълим – илм-фан – амалиёт”нинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича аниқ стратегик йўналишлар ишлаб чиқилишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский