Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасида «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тантанали тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб, «Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун» кўкрак нишонининг чет эллик совриндорларини тақдирлаш анъанага айланганини қайд этди.
Жорий йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритаётган хорижий давлатларнинг тўрт нафар вакили ушбу мукофотга лойиқ кўрилди.
Жумладан, Шереф Малкоч, Туркия Республикаси Бош Омбудсмани – Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида Туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун;
Нура бинт Заид ал-Рашуд, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси котибияти ижрочи директори, профессор – ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси билан ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун;
Рашид Ҳамад Ҳумаид Албалуши, Ўмон султонлигининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги учун;
Марьям бинт Абдуллоҳ ал-Аттия, Қатар давлати Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий қўмитаси раиси – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги учун ушбу мукофот билан тақдирланди.
“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.
Қатарлик совриндор ҳамкоримизнинг мукофотини Қатар давлати Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси бош котиби Султон бин Ҳасан ал-Жамали қабул қилиб олди.
Айтиб ўтиш керакки, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2020 йилда таъсис этилган. Бундан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганларни намуна қилиб кўрсатиш, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдир.
Норгул Абдураимова,
Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.06.2024
- Кўришлар: 1749
- Чоп этиш