Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси билан ҳамкорликда “BMTнинг шартномавий органлари қоидалари ва индивидуал ҳолатлар бўйича махсус тартиб-қоидалар тавсияларини имплементация қилиш”га бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда қатор ҳуқуқий вазирлик ва идоралар, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ҳамда унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида БМТ шартномавий органларининг индивидуал ишлар бўйича тавсияларини амалиётга татбиқ этиш ва бунда халқаро тажрибаларни қўллаш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси тавсияларини Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари бўйича халқаро экспертларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
– 2023-йилда қабул қилинган Янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланди. Шу билан бирга, илк бор Конституцияга «Фуқаролик жамияти институтлари»га бағишланган алоҳида бобнинг киритилиши демократик ислоҳотларнинг янги босқичига йўл очди. Бу орқали давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг иштироки ҳуқуқий жиҳатдан кенг кафолатланди. Давлат органларига мурожаат қилиш тартиблари такомиллаштирилиб, фуқароларга бевосита Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, маъмурий судлар аҳолининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қила бошлади ва улар чиқараётган қарорларнинг кўпчилиги фуқаролар манфаати йўлида ҳал этилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ, – деди Э.Туляков.
Тадбир давомида БМТ шартномавий органлари мулоҳазаларининг юридик мақоми ва ҳуқуқий табиати, уларни миллий ҳуқуқий тизимга имплементация қилиш йўллари, шунингдек, тегишли халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон дуч келаётган амалий муаммолар ва имкониятлар батафсил кўриб чиқилди.
БМТнинг Махсус тартиб-таомиллари механизмлари, шу жумладан махсус маърузачиларнинг тавсиялари ва уларни бошқа мамлакатларда муваффақиятли жорий этиш мисолларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар якунида бир қатор амалий тавсиялар, жумладан, қисқа ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган устувор йўналишларни белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати
- Қўшилди: 08.09.2025
- Кўришлар: 172
- Чоп этиш