Ўзбекистон вакили Санкт-Петербургдаги юридик форумда иштирок этди

Ўзбекистонда, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Академик Акмал Саидов 20 май куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган “Конституциявий назорат ва замонамизнинг глобал таҳдидлари” номли халқаро анжумандаги нутқида шу ҳақда сўз юритди.

Россия Федерацияси Конституциявий судининг халқаро анжумани дунёнинг турли мамлакатларидан конституциявий адлия органлари, парламент тузилмалари, илмий-эксперт ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини бир ерга тўплади.

Экспертлар ҳамжамияти геосиёсий трансформация, технологияларнинг шиддатли ривожланиши, иқлим ўзгаришлари, сунъий интеллектнинг ёйилиши ҳамда давлатларнинг ҳуқуқий тизимларига таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар шароитида конституциявий назорат органлари олдида турган замонавий таҳдидларни муҳокама қилди.

Россия Федерацияси Конституциявий суди раиси Валерий Зоркин анжуманни очар экан, глобал беқарорлик шароитида давлатчилик барқарорлигини таъминлаш, конституциявий қадриятларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларини мустаҳкамлашда конституциявий одил судлов алоҳида аҳамият касб этишига эътиборни қаратди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси, академик Акмал Саидов ўз маърузасида конституциявий қадриятлар технологик ва геосиёсий ўзгаришлар даврида ҳуқуқий тартибга солишнинг мустаҳкам асоси бўлиб қолиши зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистонда ҳуқуқий ва ижтимоий давлат тамойилларини мустаҳкамлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини ва инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари кафолатларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли қонунчилик ислоҳотларига алоҳида аҳамият берилаётгани қайд этилди.

Конференция доирасида конституциявий одил судловни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда конституциявий назорат органлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Форум иштирокчилари замонавий глобал таҳдидларга биргаликда муносабат билдириш мақсадида конституциявий одил судлов соҳасида касбий мулоқотни давом эттириш ва илғор тажрибалар алмашиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech